Тошкент дарвозалари тарихи | Toshkent tilsimlari

Описание к видео Тошкент дарвозалари тарихи | Toshkent tilsimlari

"Тошкент тилсимлари" кўрсатуви
"Ўзбекистон тарихи" телеканали
Ҳар қандай улкан қурама жамоат таркиб топиб, алоҳида, ўзига мақбул жойда истиқомат қилар экан, мазкур маскан шаҳар қиёфасига киргач, ўзига хос рамзий белгилари: дарвозали мудофаа девори, маҳкама-ю девондан иборат бошқарув қароргоҳи, ибодатхона, бозор, соқчилар истеҳкоми – “Чокардиза”(каземат)и, танга пули каби қатор нишонлари (тамға-герб, байроқ) билан ифодаланади. Мазкур шартли аломатларга тўла ўтроқ макон қадимда даст­лаб “Шаҳристон” яъни “шоҳ ўр истон” номи билан аталган. Ушбу тарихий атама “шоҳ турадиган баланд жой”, яъни катта уй маъносини англатган. Агарда мазкур белгилар кўзга тўлиқ ташланмаса, бундай турар жой шаҳар қаторида қайд этилмаган. Қиёфаси ҳали батамом шаклланмаган манзиллар “Маскат”, яъни мас кат – катта уй ёки катта қишлоқ деб аталган. Масалан, ўзининг икки минг йиллик юбилейини нишонлаган қадимги Марғинон – Марғилон шаҳри илк бор Маскат номи билан қад кўтарган. Шаҳарнинг марказий қисмида ўтмишда барпо этилган турар жойлар алоҳида ҳунармандчилик маҳалласига айлангач, у қадимги табаррук ном – Маскатни тарк этмай, замонамизгача авайлаб сақлаб қолган.
Шунингдек, ёши 2750 йилдан ошган, тобора кўркамлашиб бораётган жаҳонга маш­ҳур Самарқанд шаҳри ҳам даставвал Оби Машат, яъни суви (Сиёб ёки Сиёҳ об) соҳилидаги катта қишлоқ, яъни Маскат номи билан аталган. Мазкур атама Қуссам ибн Аббос ёдгорлиги орқали Оби Машхат шаклида бизгача етиб келган.
Шу боис бўлса керак, мана шундай мўътабар масканни назарда тутган доно халқимиз “Шаҳар бедарвоза эмас” деган танбеҳ ангиз, бироқ ниҳоятда маънодор иборани гоҳо фавқулодда тилга олади. Аввало пичинг билан айтилган ушбу ибора, гарчи шаҳарларнинг муттасил очилиб-ёпилиб турадиган дарвозаси пеш келтирилмаса-да, аммо унинг остонасидан ҳатлаб турли ният, режа ва мақсадлар билан кириб-чиқиб кетаётган кимсаларга қарата йўналтирилган нидодир. Қолаверса, балки шаҳар девори, кунгирали дарвозахонаси ва девор бўйлаб ўрнатилган бир ёки икки қатор очиқ нишон туйнук (тиркаш)ли буржу мўлалари мудофаа этувчи ва ҳар қандай вазиятда ҳам шаҳарликларни ҳимоя эта оладиган пос­бонларнинг донг қотишидан ишорадир.

Хуллас, дарвозага урғу берилган ушбу беназир ибора дарвоза остонасидан ҳатлаб ўтиб, шаҳарга ташриф буюрган ҳар бир зоти шарифни: мезбон ёки меҳмонни тартибга ундайди ҳамда уларни осойишталикка чорлаб, тинчликни мустаҳкамлайди.

Агарда Тошкентнинг топографик қиёфаси назарда тутилиб, сўз юритилса, шаҳримиз йигирма икки асрлик ўтмишида Чоч-Чачанап, Қанғ-Қанқ, Мадина аш-Шош ёки Бинкат ва Таркан каби номлар билан аталса-да, мазкур тарихий маскан ва унинг қадимги қасри – Кўҳандиз, Шаҳристон ва уларнинг атрофида қад кўтарган ташқи ва ички мавзе – работларининг ҳар бирида турли даврларда ўрнатилган хилма-хил талаффуздаги мазмунли номлар билан юритилган қатор дарвозалари ва ғуломгардишлари бўлган. Шубҳасиз, улар замонасида шаклланган ўзига хос шаҳар маданиятини англатувчи мазмундор, турли шакллардаги жарангдор белгиларнинг ифодасидир.
Дарвоза атамаси луғавий маъносига асосан талқин-у таъриф этилса, аввало у ҳовли, қўрғон, қалъа, истеҳком, чорва фермаси, омборхона ҳамда шаҳарча ва шаҳар деворининг ўрта қисмига ўрнатилган катта эшик, яъни тарихий қопу (қопқа)дир. Аксарият у икки табақали бўлади. Дарвозанинг киравериш ичкарисининг саҳнида ниҳоятда мустаҳкам қурилган усти ёпиқ, махсус чалкаш йўлакли дарвозахонаси бўлади. У бинокорликда ғуломгардиш (лабиринт) деб юритилади. Ушбу бино шаҳарнинг асосий мудофаа иншоотларидан ҳисобланган. Дарвоза шаҳар қопуси қайрағоч ёки арча ёғочидан ясалган. Айрим ҳолларда у темир билан қопланган ёки бир неча хил маъданлар қоришмаси – ҳафтжўшдан барпо этилган.

Комментарии

Информация по комментариям в разработке