Пахта иши / Хлопковое дело

Описание к видео Пахта иши / Хлопковое дело

Пахта иши

Совет тузуми аста-секин эскириб бораётган эди. Беш йиллик режаларнинг баландпарвоз номлари янгидан янги ютуқларни, тизимнинг ўзи эса ижрочилардан “ура-ура” ҳисоботларни талаб этар эди. Бу йўлдан бош тортган раҳбарлар танқид остига олиниб, охир-оқибат лавозимидан четлаштирилар эди.

Барча соҳаларда қўшиб ёзишлар одатий ҳолга айланган эди. Пахтачиликда аниқланган муаммоларни халқ хўжалигининг бошқа соҳаларида ҳам топиш мумкин эди. Рўйхатга олиш ва қонунбузарликлар ғаллачилик, сабзавотчилик, чорвачилик, нефт-газ соҳаси, машинасозлик, тўқимачилик саноати ва бошқа соҳаларда ҳам бўлган.

Айнан пахтачилик соҳасининг танланишига эса, эҳтимол, пахтанинг Иттифоқ марказидан йироқда жойлашган фақат Ўрта Осиё республикаларида етиштирилиши сабаб эди.

Aгар тергов ишлари халқ хўжалигининг бошқа соҳаларида олиб борилганида, терговчилар деярли бутун СССР ҳудудида иш олиб боришларига тўғри келар эди. Ўзбекистондаги "суиистеъмолликлар" нинг ошкор қилиниши, бир томондан, қонунбузарликнинг кўламини кўрсатган бўлса, иккинчи томондан, бу иш осонгина "маҳаллий хусусиятлар" билан чамбарчас боғланди. Республикадаги жараён кимларгадир жазо, кимларгадир эса дарс бўлиш мақсадида амалга оширилди.

1983 йил 31 октябрда узоқ йиллар давомида республикани бошқарган Ш.Рашидов вафот этди. Ўзбекистон Марказда республикани ҳимоя қила оладиган етакчи раҳбарсиз қолди.

Республиканинг янги раҳбарияти Марказ тазйиқи остида 1984 йил 23 июнда Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг XVI пленумида "ижтимоий қонунчилик"ни мустақил бажараолмаслигини тан олди ва Совет Иттифоқининг бошқа республикаларидан ёрдам юборилишини илтимос қилди.

Минглаб терговчилар Ўзбекистонга юборила бошлади, улардан ҳам Марказ томонидан рекорд натижалар талаб этиларди. Процессуал меъёрларни оммавий равишда бузиш одатий ҳолга айланди. Ҳибсга олишлар ва тинтувлар прокурорнинг санкциясисиз амалга оширилиши, дастлабки тергов босқичида йиллаб ҳибсда сақлаш, тергов қилинаётганларга нисбатан жисмоний ва руҳий босим қўллаш, мусодара қилинган мол-мулкни ўзлаштириш ва ҳ.к. одатий тус олди. Ўзбекистонда ҳеч ким терговчиларнинг "эътиборидан" четда қолмаган эди. Оддий колхозчилар ва корхона директорларидан тортиб республиканинг энг юқори номенклатура ходимларигача – исталган одамни айблаш ва ҳибсга олиш мумкин бўлиб қолди.

Марказий телевидение ва матбуот орқали Ўзбекистонда рўй бераётган қонунбузарликлар ҳақида мунтазам хабар берилиб борар эди. Камтарона яшашга одатланган томошабинлар учун бу кутилмаган хабар бўлди. Бутун ўзбек халқининг обрўсига жиддий путур етказилди. Ва ҳоланки, республика аҳолисининг аксарият қисми турмуш даражаси ўртача Иттифоқ кўрсаткичларидан анча паст эди.

Кенг кўламли тергов ишлари бир неча йил давом этса-да, бу кампаниянинг охири кўринмас, терговчилар айбдорларни ҳибсга олишда тинмай давом этар эди. Бутун мамлакат, бутун халқ даҳшатга тушди, шарманда қилинди ва том маънода "тиз чўктирилди".

1986 йилнинг охирида Қашқадарёга раҳбар этиб юборилган Ислом Каримов нафақат вилоятда, балки бутун республикада давом этаётган адолатсизликларга дуч келди. Унга вилоят раҳбари сифатида кўплаб таъқибга учраган қурбонлар, уларнинг қариндошлари мурожаат қилишди. Одамларнинг азоб-уқубатларини ва содир бўлаётган барча адолатсизликларни кўриб, Ислом Каримов бегуноҳ айбланувчилар тарафини олишда катта жасорат кўрсатди. Унинг ўзи ҳам мазкур кампаниянинг яна бир қурбонига айланиши мумкинлигини англаса-да, орқага чекинмади.

Ислом Каримов одамларга ёрдам берар экан, уларнинг дардларини ҳис этиб, бегуноҳ инсонларни ҳимоя қилди. Одамлар ҳам ўз навбатида унга катта ишонч билдирдилар.

Ислом Каримов Ўзбекистон КПСС Марказий Қўмитасининг Биринчи котиби этиб тайинланганидан сўнг ҳам бегуноҳ маҳкумларни озод этишда давом этди. У СССР ва республика Бош прокуратурасига ишларни кўриб чиқиш талаби билан мурожаатномалар ёзди.

Шунингдек, у КПСС Марказий Қўмитаси ва СССР Олий Кенгаши минбарларидан нутқ сўзлаб, республикада мавжуд бўлган муаммолар тўғрисида очиқчасига гапириб, оммавий қатағонлар амалиётини ва бутун меҳнатсевар ўзбек халқини айблашни тўхтатишни талаб қилди.

1991 йил 25 декабрда Ислом Каримов "пахта иши" билан судланиб, республика ҳудудидаги ахлоқ-тузатиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни афв этиш тўғрисида”ги фармонга имзо чекди. Шундай қилиб, нафақат республикада, балки собиқ Совет Иттифоқининг бошқа минтақаларида ҳам жазо ўтаётган ўзбекистонликларни озод қилиш йўлидаги кенг кўламли жараён бошлаб юборилди.

Ниҳоят, адолат қарор топа бошлади, мазкур ҳаракат эса меҳнаткаш ўзбек халқининг путур етказилган номини оқлашда принципиал қадам бўлиб хизмат қилди.

Воспоминания Января Иноятова

Комментарии

Информация по комментариям в разработке