Шавкат Мирзиёев муҳим видеоселектор йиғилишини ўтказди

Описание к видео Шавкат Мирзиёев муҳим видеоселектор йиғилишини ўтказди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 23 сентябрь куни қурилиш индустрияси ва қурилиш материаллари тармоғини ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Қурилиш иқтисодиётнинг барча тармоқлари ривожланишига катта туртки берадиган соҳадир. Ҳар бир лойиҳа қурилиш материаллари ва жиҳозларга, ишчи ва мутахассисларга талабни оширади. Янги мажмуалар атрофида янги иш ўринлари, инфратузилма ва хизматлар пайдо бўлади.

Сўнгги етти йилда қурилиш материаллари соҳасига 9 миллиард доллар инвестиция киритилиб, 5 мингга яқин янги корхона ишга туширилган, 94 мингта доимий иш ўрни яратилган. Ишлаб чиқариш 2 карра ўсган, йиллик айланмаси 100 миллиард сўмдан зиёд корхоналар 150 тадан ошган.

Охирги беш йилда бунёдкорлик ҳажми 2 баравар кўпайган. 650 миллион долларлик янги маҳсулотлар ўзлаштирилгани ҳисобига қурилишдаги импорт улуши 31 фоиздан 25 фоизга камайган.

Қурилиш материаллари экспорт бозори кенгайиб, 58 тага етди. Хорижда 20 дан ортиқ савдо омборлари, 50 дан зиёд дўконлар очилди. Бу йил экспорт миқдорини 1 миллиард долларга етказиш мўлжалланган.

Шу билан бирга, соҳада муаммолар ҳам бор, имкониятлар эса кўп. Йиғилишда давлатимиз раҳбари уларни таҳлил қилиб, янги ташаббус ва вазифаларни айтди.

Бугун юртимизда қуввати 140 минг тонна бўлган 7 та базальт корхонаси бор. Бинокорликда бу маҳсулот кенг қўлланаётгани натижасида янги уй-жой ва ижтимоий биноларда энергия сарфи 20 фоизгача камайган.

Лекин, бундан ташқари, қуёш нурини қайтарувчи ойна, вермикулит аралашмаси каби материалларни ишлатиб, энергия сарфини яна 2 баравар қисқартирса бўлади. Биноларнинг фасад қисмида фибро толали панелдан фойдаланиш ҳам яхши натижа беради. Уни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган цемент ва бойитилган қум ўзимизда етарли.

Мутасаддиларга шу каби муҳим қурилиш материалларини юртимизда ишлаб чиқариш бўйича кўрсатмалар берилди. Жумаладан, Қувасойдаги “Кварц” корхонасида 20 миллион долларлик, Жиззахдаги ойна заводида 10 миллион долларлик инвестиция лойиҳалари бажарилиши айтилди.

Умуман, тадбиркорлар билан биргаликда, 3,5 миллиард долларлик 350 та янги лойиҳа режалаштирилган. Уларнинг қурилишига ҳамда фаолиятига камбағал оилалардан 50 минг фуқарони ишга жойлаштириш кўзда тутилган.

Қурилиш материаллари тайёрлашда энергия сарфини камайтириш жуда муҳим. Бу унинг таннархига, харидоргирлигига таъсир қилади.

Комментарии

Информация по комментариям в разработке