Abdulhamid Cho‘lpon. She'rlar & Qo'shiqlar

Описание к видео Abdulhamid Cho‘lpon. She'rlar & Qo'shiqlar

31 август – Қатағон қурбонларини ёд этиш куни
https://kh-davron.uz/ijod/sherlar/xur...

Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон (Юнусов) 1897 йилда Андижон шаҳрида туғилган. Дастлаб мадрасада (1908—12), сўнгра рус-тузем мактабида (1912—14) тахсил олган. Шоирнинг адабий мероси шеърият, наср, драматургия, публицистик ва адабий-танқидий мақолалар ҳамда таржималардан иборат. Шеърий асарлари «Ўзбек ёш шоирлари», «Уйғониш» (1922), «Булоқлар» (1923), «Тонг сирлари» (1926) ва «Соз» (1935) тўпламларида, шунингдек, турли газета ва журналларда эълон қилинган. 20-йилларда ёзган «Ойдин кечаларда», «Қор кўйнида лола», «Новвой қиз» сингари ҳикоялари ўзбек адабиётидаги лирик насрнинг дастлабки мумтоз намуналаридир. «Кеча ва кундуз» (1936) романи ҳамда «Ёрқиной», «Халил фаранг», «Ўлдирувчи» (1921), «Севги ва салтанат», «Чўпон севгиси» (1922) каби пьесалари ҳам бор (бу асарларнинг аксарияти бизгача етиб келмаган). А. С. Пушкин («Борис Годунов», «Дубровский»), И. С. Тургенев («Чўри қиз»), И. Франко («Миллион», «Феруза»), Л. Андреев («Губернатор», «Осилган етти кишининг ҳикояси») сингари рус ва бошқа халқлар адабиётининг мумтоз асарларини катта маҳорат билан таржима қилган. Унинг таржимасидаги У. Шекспирнинг «Ҳамлет» трагедияси ўзбек таржима санъатининг шоҳ намунаси ҳисобланади. У 1938 йил 14 июль куни ҳибсга олиниб, кўп ўтмай, Тошкент шаҳри атрофида отиб ташланган. Вафотидан сўнг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти (1991) ва «Мустақиллик» ордени (1999) берилган.

ЧЎЛПОНДАН ИККИ ШЕЪР

МАҲМУД ХЎЖА (БЕҲБУДИЙ) ХОТИРАСИ

Жилгисиз қабрингни қора тунларда
Амалимнинг шамин ёқиб, изладим.
Қизил ва пок қонинг исларин сочгач,
Кучсиз кўйи юришимни тезладим.

Амалимнинг юлдузи, ким кўз тикди
Қора, жирканч… ўлим қони ерларга.
Савол бердим: “Йўқотганим қайда?”- деб,
Ўзимни ҳам ютмоқ бўлган ерларга.

Қўлидаги тутам-тутам гулини
Қабринг топиб, сочмоқ учун тиришди.
Гул ўрнига заҳар тилар муҳитда
Унинг қилган бу ишлари бўш ишди.

Мен-да ожиз – у муҳитнинг олдида
Қабринг топиб кўз ёшимни тўкмакка.
Ҳамда аччиқ ҳиддатим-ла ул ерда
Оқ каллалик-қора девни сўкмакка.

Шунинг учун юлдуз каби ярқираб,
Элда қолган исминг билан турамен.
Шул исмни эслаб, чизған йўлингдан
Йироқ кетмай, қимирламай юрамен.

Азиз отам, қўлимдаги гулларнинг
Мотам гули эканини билмайсен.
Шодлик гули кўпдан бери сўлганин,
Ер остида, пок руҳинг-ла сезмайсен.

Ана сочдим қалбимдаги гулларни
Термак учун чақирамен қўлларни..

1920

КЎНГИЛ

Кўнгил, сен мунчалар нега
Кишанлар бирла дўстлашдинг?
На фарёдинг, на додинг бор,
Нечун сен мунча сустлашдинг?

Ҳақорат дилни оғритмас,
Тубанлик мангу кетмасми?
Кишанлар парчаланмасми,
Қиличлар энди синмасми?

Тириксан, ўлмагансан,
Сен-да одам, сен-да инсонсан;
Кишан кийма, бўйин эгма,
Ки, сен ҳам ҳур туғилғонсан!..

Комментарии

Информация по комментариям в разработке