Ўрхун-Энасой ёдгорликларининг топилиши ва ўрганилиши тарихи | Javohir

Описание к видео Ўрхун-Энасой ёдгорликларининг топилиши ва ўрганилиши тарихи | Javohir

"Жавоҳир" кўрсатуви
"Ўзбекистон тарихи" телеканали
Ўрхун-Энасой ёдгорликларининг топилиши ва ўрганилиши XVIII асрдан бошланади. Рус хизматчиси Ремезов бу ҳақда дастлабки хабарни беради. Швед зобити Иоганн Стралленберг, олим Мессершмидт ёдгорликларни Европа илм аҳлига илк марта тақдим қилган эдилар.
Маълумки, туркий халқлар ўз давлатига эга бўлган энг қадимги дунё қавмларидан биридир. Ўрхун-Энасой обидалари ана шу тарихни бадиий тарзда ҳикоя қилади. Улар Ўрта Осиёдан бошлаб Дунайгача бўлган улкан ҳудудда ўз давлатларини идора қилишган. Ёдгорликлар, асосан, VI — VIII аср воқеаларини акс эттиради.
V-VI аср ўрталарида дунё харитасида Турк хоқонлиги деган мамлакат юзага келган. Бу мамлакат Ўрта Осиё, Еттисув, Шарқий Туркистон, Олтой ўлкаларидаги турли қабила ва халқларни бирлаштирган эди. Бу ерлар географик жиҳатдан ниҳоятда қулай, бунинг устига Европа ва Шарқий Осиёни боғлаб турувчи, “Буюк Ипак йўли”нинг устида эди. Шунинг учун ҳам туркийлар яшайдиган манзилларга қизиқиш катта бўлган.
Турли қабила ва элатларнинг доимий ҳукмронликка интилиши одатдаги ҳол эди. Бундан душманлар ҳам фойдаланишга ҳаракат қиладилар. Ташқи душманга қарши ҳамкорликда курашиш қабила ва элатларнинг бирлашишига олиб келди ва 545 йилда Турк хоқонлиги юзага келди. Бу хоқонлик VIII асргача ҳукмронлик қилди.
Тошбитикларнинг катта қисми ана шу хоқонликнинг ўзига хос бадиий солномасидир. Ёдгорликларни бутун дунё туркийшунослари илмий жиҳатдан ўрганмоқда. В. Томсон ва В. Радловдан кейин С. Малов, С. Кляшторний, И. Стеблева, Ҳ. Ўрхун, Т. Текин, Нажиб Осим, Г. Айдаров, ўзбек олимларидан А. Қаюмов, А. Рустамов, Ғ. Абдураҳмонов, Н. Раҳмонов, Қ. Содиқов ўрганишган.
Ёдгорликлар ҳозирги ўзбек тилига бир неча маротаба табдил қилинган. Руний ёзувдаги ёдгорликлар фақат тошга битилган эмас. Уларнинг қоғозга, турли буюмлар (кумуш кўзачалар, ёғоч, тери, ойна, қайиш тўқаси)га ёзилган намуналари ҳам бор.

Масалан, “Ирқ битиги” (“Таъбирнома”) қоғозда ёзилган.

Сўзни “Тўнюқуқ” битиктошидан бошлайлик. Тўнюқуқ — шахс номи. У иккинчи турк хоқонлигига асос солган Элтариш хоқонининг маслаҳатчиси ва саркардаси бўлган. Тўнюқуқ “Турк Билга хоқон давлатида бу битигни ёздирдим” дейди. Билга хоқон Элтариш хоқоннинг ўғли эди. Битиктошдаги воқеалар Тўнюқуқ тилидан ҳикоя қилинади: “Мен — Доно Тўнюқуқман. Ўзим Табғач давлатида вояга етдим. Турк халқи Табғач давлатига бўйсунар эди…”

Сўнг ана шу даҳшатнинг — туркийларнинг ўз эркини қўлдан бериб қўйишларининг сабаби айтилади: “Турк халқи бошбошдоқликка, ўзибўларчиликка, бепарволикка йўл қўйди…”.

Мустамлака азоби, ўзга халқ таҳқири ёдгорликда қисқа ва лўнда, аммо ниҳоятда таъсирчан тарзда ифодаланади: “… Табғачга таслим бўлганлиги учун Тангри, ўл деган, шекилли, турк халқи ўлди, йўқ бўлди, тугади. Турк Сир халқи ерида бирорта ҳам уруғ қолмади”. Тўнюқуқ етти юз кишини бирлаштириб, “шад” деган унвон олади. Бу турк хоқонлигидаги энг олий даражадаги ҳарбий унвонлардан бири эди. Тўнюқуқ Бўгу тархон ҳамда Элтариш хоқон (Кул тигин ва Билга хоқоннинг отаси) билан бирга мамлакат мустақиллиги, эл-юрт фаровонлиги, юрт осойишталиги, чегаралар дахлсизлиги учун тинимсиз кураш олиб борди. У бу курашларнинг олдинги сафида эди. Аммо душманлар ҳам тинч ўтирмади. Улар кучларни бирлаштириш пайига тушишди. Тасвир давомида вазиятнинг кескинлашиб бориши, бунинг натижасида Тўнюқуқ шахсиятидаги кучли нуқталарнинг тобора кенгроқ очилишини кузатиш мумкин. Хусусан, буюк саркардаларга хос бўлган таваккалчилик, довюраклик, жасорат, журъат, баъзан ниҳоятда кескинлик, чўрткесарлик, айни вақтда босиқлик, вазминлик хислатлари бу тасвирларда аниқ кўриниб туради. У катта тажриба эгаси сифатида намоён бўлади.

Комментарии

Информация по комментариям в разработке