Бобомурод Ҳамдамов 1940 йили 3 апрел куни Чоржўй шаҳрида таваллуд топди.
Ёшлигидан соз чалишга, ашула айтишга қизиққан ёш Бобомурод
мактабдаги мусиқа тўгаракларида фаол қатнашиб, наики тадбирлар бўлса бажонидил қатнашган. У атоқли санъаткор Комилжон Отаниёзов ижодига меҳр қўйиб, Комилжон Отаниёзов ижро этган барча ашулаларни ёддан айтар эди. Кунларнинг бирида Ўзбекистон, Туркманистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов Чоржўйга концерт сафари билан келиб қолди.
Шунда ёш Бобомурод Ҳамдамов Комилжон устоз билан концертдан олдин кўришиб, унга ғоибона шогирд эканлигини айтиб, ўзи ўрганган, билган ашулалардан бир нечтасини ижро қилиб беради. Комилжон Отаниёзов эса яна олти ойдан кейин Чоржўйда ашула ва рақс ансамбли тузмоқчи эканлигини айтиб, иқтидорли ёш созанда, хонанда ҳамда раққосаларни тўплашини буюради. Бу ҳизматни Бобомурод Ҳамдамов бажонидил адо этади. Ёнига кўплаб ёш ижрочиларни тўплаб, ансамблнинг очилишига қизғин тайёргарлик кўришади.
Комилжон Отаниёзов бу ерга келиб, иқтидорли ёшларга устозлик қилади ва узоқ вақт кутилган ансамбл концертлар берадиган. Бобомурод Ҳамдамов бу ансамблда яккахон хонанда ва Комилжон Отаниёзов ҳизмат сафарлари билан кетган вақтларида ансамблга раҳбарлик қилди. Ансамбл ижро дастури асосан ўзбек мумтоз ва халқ куй қўшиқларидан тузилган бўлиб, Туркманча,
Қорақалпоқча ва русча асарлар ҳам бор эди. аслида Мазкур ансамблнинг довруғи нафақат Туркманистон балки Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонга ҳам етиб борди. Қўшни давлатлардаги концертлари кўтаринки руҳда бўлди.
Бобомурод Ҳамдамов ўзининг ижро услубига келадиган бўлсак, у ўзбек ашулачисидир. Овоз имконияти жуда кенг бўлиб, ўрта регистрдан энг юқори авж пардасигача баланд ва жарангдор эди. Товуш тембри нозик ва гўзал лирик тенордир.
Унинг ижросидаги барча жанрдаги асарлар шинаванда халқ учун бирдек севимли эди. Бобомурод Ҳамдамов гоҳ мақом, гоҳ суворий, гоҳ халқ ашулалари,гоҳ бастакорлар асарлари ёки ўзи басталаган асарларми барчасини ўз услубига солиб ижро этди. Унинг дастлабки ижролари услубига яқин бўлса, кейинги ижроларида батамом ўзининг ижро услуби пайдо бўлганлиги кўринди. Унинг услубидаги майинлик, тадаффузнинг аниқлиги, ҳар бир харфнинг ўз гўзаллигида жаранглата олиши унинг усталигидан далолат беради.
Ўзбекистон миллий энциклопедиясида У тўғрисида шундай дейилади:
“Бобомурод Ҳамдамов 1979 йили Туркманистонда хизмат кўрсатган артист.
1983 йили Ўзбекистон халқ артисти. 1985 йили Туркманистон халқ артисти унвонлари билан тақдирланган. Ашула айтишни Чоржўй вилоят филармониясида хонандаликдан бошлаган. Ашулачиликни устозона йўлларини Комилжон Отаниёзовдан ўрганган. Кейинчалик Ўзбекистон ва Туркманистон филармонияларида турли вазифаларда ишлаган. 1994 йилдан нафақада эди. Ўтган
асрнинг 1960-2000 йиллари Бобомурод Ҳамдамов ижодининг энг гуллаган даври бўлган”.
Дарҳақиқат, 1960 йиллардан ашулачилик соҳасини эгаллаб, ўзоқ йиллар давомида тобора бу соҳанинг ичига чуқур кириб борди. Ижрочилиги энг гуллаган даврида унинг дастурида халқ мумтоз ашулалари «Феруз- I-II» “Савти Феруз”, «Хоразм Сегоҳи», «Чапандози сувора», «Кажҳанг сувора» сувора савтлари, Хоразм ва туркман халқ достон қўшиқлари, “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам” достонидан «Найлар», «Бўлмас», «Боғбоним бўл», “Тоҳир ва Зуҳра” достонидан «Боғ сайлина кетайлик», «Сендан айрилиб», «Сан-сан», “Саёдхон ва Ҳамро” достонидан «Сайёдинг», «Ёрим қолди», «Қурбон бўлайин», “Гўрўғли” достонидан «Сан ёр геткали» номалари, ўзи басталаган асарлардан «Елпеселенди», «Ўзимни ноним», «Жалолиддин» каби кўплаб асарлар, шунингдек ҳинд, афғон, тожик, туркман, озарбайжон, қўшиқлари ўрин
олган.
Бобомурод Ҳамдамов Марказий Осиё давлатларининг барчасида,
Ҳиндистон, Покистон, Непал мамлакатларида ва АҚШнинг барча штатларида ижодий сафарда бўлган. Бобомурод Ҳамдамов созанда, яъни торчи ва ўзи айтадиган 200 дан ортиқ қўшиқ ва ашулаларининг бастакори сифатида ҳам танилган. Бобомурод Ҳамдамов хонандаликдаги эҳтирос, шижоат ва жўшқинлик ижрочининг асар мазмунини чуқур билиши, айниқса ўзбек ва туркман бахшичилик мактаблари номалари анъаналарига таянган ҳолда яратилган бундай қўшиқлари унутилмас ва тингловчилар қалбидан чуқур жой
олишига муҳим омил бўлган. Бобомурод Ҳамдамов миллий қўшиқчилигимиз соҳасида ўзига хос мактаб яратган хонандалардан биридир
Бугун 2024-йил 2-сентябрь санасиза устоз санъаткор ўз омонатларини топширдилар.
Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун 🤲
Оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз.
Информация по комментариям в разработке