Мадаминбекни ким ўлдирди?

Описание к видео Мадаминбекни ким ўлдирди?

#xs_uz #narodnoeslovo
Марказий Осиё халқлари ҳақида гап кетганда кўплаб фазилатларимиз қаторида соддалигимиз ҳам тилга олинади, албатта. Аммо ҳар доим ҳам соддалик фазилат бўла олмас экан. Ўрис босқинчиларига қарши кураш олиб борган Мадаминбек қўрбоши ҳаёти, янаям аниқроғи, аччиқ қисмати ва ўлими бунга ёрқин далилдир.
Мадаминбек, Алихонтўра Соғуний ҳазратлари ибораси билан айтганда: “Қўрбошилар ичида бир оз бўлса ҳам замонасига тушунган, халқ олдида ҳурмати бор” миллий озодлик ҳаракати вакилларидан бири эди. Агар унинг соддалик, гўллик қилиб босқинчи ҳийласига лаққа тушганлигини ҳисобга олсак, бошқа қўрбошилар қанчалик дунёқарашга эга бўлганлигини тасаввур этиш қийин эмас.
Хуллас, босқинчилар Мадаминбекнинг кучайиб бораётганидан қаттиқ ташвишга тушади ва уни ўртадан кўтариш учун макр-ҳийла тузоғини қуради. Аввалига улар ўзларини Мадаминбек томонидан илгари сурилган 4 шартдан иборат битимни қабул қилгандек кўрсатишади ҳамда буни расмийлаштириб қўйиш учун бекни Тошкентга таклиф этишади.
Шартлар қуйидагилардан иборат эди:
Биринчи шарт — Фарғона мухториятини тасдиқлаш.
Иккинчи шарт — Шароитга қараб ўн мингдан қирқ минггача Мадаминбек қўл остида миллий аскар сақлаш ва буларнинг қурол-яроқларини марказий ҳукумат томонидан таъминлаш.
Учинчи шарт — Ўқув-ўқитув ишлари ерлик ҳукумат ихтиёрида бўлиб, ўз она тилларида юргазиш.
Тўртинчи шарт — Мусулмонларнинг диний ва ўзаро ички ишлари бутунлай ўз қўлларида бўлиш ва шариат буйруғича амалга ошириш.
Босқинчилардан таклиф олган Мадаминбек бир нечта содиқ одамлари билан Тошкентга етиб келади. Ажабланарлиси шундаки, уни одатда чет давлатлар подшоларига қилинадиган ортиқча дабдаба ва асаса билан кутиб олишади. Кўча ва йўллар ўзгача безатилган, унинг шарафига турли тадбир ва базмлар ҳам ўтказилади.
Ниҳоят, кутилган кун етиб келди, ҳалиги битим имзоланди. Бироқ, минг таассуф бўлсинки, содда ўзбек болалари бундай битимлар нуфузли халқаро ташкилот шафеълигида тузилиши кераклигини, ҳатто, хаёлига ҳам келтирган эмас. Шу боисдан озодликка чиққан қуллардек беҳад шодланишади.
Макр тўрини тўқиш ҳадисини олган босқинчи генерали Мадаминбекни кузатаятиб: “Бизнинг сизларга бўлган муносабатимизни кўрдингиз, сизга ҳеч бир ёмонлигимиз йўқ. Шунинг учун водийга борганингизда бутун водийни бошига кўтариб, тўстўпалон қилиб юрган барча қўрбошиларга буни етказинг. Вақти-соати билан уларни ҳам бу ерга чақирамиз”, дейишни ҳам унутмайди.
Мадаминбек эса: “Бўлди, яқинда қўрбошилар иштирокида кенгашимиз бор, ҳаммасига етказаман”, — дейди соддалик билан.
Қувончдан кўзлари порлаб турган бек сохта битим ҳужжатини бағрига босганча водийга қайтар экан, босқинчи ҳамон ҳийла тўрини тўқишда давом этаётганди. Улар ўзимиздан чиққан малайлари орқали қолган қўрбошиларга “Мана, сиз ишонган Мадаминбек кофирга сотилиб, ўз фойдаси учун сизни тутиб бермоқчи бўлди. Бу ишни бажариш вазифаси унга топширилган. Яқин орада келиб қолса, шунга қараб чора кўриш керак” қабилидаги фитнали гап-сўзни етказади.
Кейин нима бўлгани маълум. Ғазаб отига минган қўрбошилар ҳурмат-иззатни ҳам йиғиштириб қўйиб “Сен бизни кофирга сотдингми?!”, деб Мадаминбекни ўлдиришади. Бу ишни ким бажаргани ҳақида турли фикрлар юради. Аммо энди бунинг аҳамияти йўқ, уни Эргаш ўлдирдими, Шермат ўлдирдими ёки бошқасими — энди бунинг неча пуллик қиймати бор. Уни ўзимизникилар ўлдирди, тамом, вассалом!
... Аслида бу қотликнинг илдизи бундан-да чуқур. Уни иттифоқсизлик, гўллик, соддалик ва ишонувчанлик, агар битта сўзда жамлаб айтадиган бўлсак, жоҳиллик ўлдирди.
Жоҳиллик бугун кунда ҳам нафақат Ватан ташқарида, балки ичкарисида ҳам унда-бунда бўй кўрсатаётган экан, бу балодан юртимиз, хонадонимиз, фарзандларимиз, онгу-шууримиз ва қалбларимизни ҳимоя қилмоғимиз талаб этилади. Доно тарих бизга шуни ўқтирмоқда...

Комментарии

Информация по комментариям в разработке