Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 ноябрь куни Бишкек шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди.
Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров раислигида ўтган тадбирда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ва Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Кубаничбек Омуралиев ҳам қатнашди.
Кун тартибига мувофиқ, ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, амалий шерикликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Остона ва Шуша шаҳарларидаги учрашувлардан кейинги вақт мобайнида глобал геосиёсий жараёнлар тобора мураккаб тус олганини алоҳида таъкидлади. Етакчи давлатлар ўртасидаги рақобат ва ишончсизлик муҳити кескин кучаймоқда, зиддият ва уруш ўчоқлари кўпайиб, турли хавф-хатарлар янада ортмоқда.
Бу муаммолар савдо, инвестиция, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги қўшма режа ва катта лойиҳаларга жиддий тўсиқ бўлмоқда
Шу маънода, сиёсат ва хавфсизлик масалаларида мулоқотларни тизимли давом эттириш, ташкилотга аъзо мамлакатларнинг умумий манфаатларидан келиб чиқиб, халқаро муаммолар бўйича якдил ва аниқ позицияни фаол илгари суриш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
Бу ўринда гап, энг аввало, Яқин Шарқда давом этаётган адолатсиз уруш ва кузатилаётган икки ёқлама стандартлар ҳақида бормоқда. Ғазо сектори ва Ливандаги мисли кўрилмаган гуманитар фожиа, тинч аҳолига қарши вайронкор ҳужумлар, айниқса, бегуноҳ болалар, кексалар ва аёллар қурбон бўлаётгани алоҳида қайд этилди. Шу муносабат билан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластин қочоқларига ёрдам бериш бўйича махсус агентлиги фаолиятини чеклашга қаратилган ҳаракатлар қораланди.
Мазкур кўп йиллик низонинг ягона ечими – халқаро меъёрий ҳужжатлар ва резолюцияларга мувофиқ 1967 йилдаги чегаралар асосида, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатини тузиш экани таъкидланди.
Кейинги ҳафта Ар-Риёд шаҳрида ўтадиган араб-мусулмон давлатлари саммитида бу муаммога конструктив сиёсий ечим топилишига умид билдирилди.
Афғонистондаги вазиятга алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада вазирлар ва экспертлар даражасидаги мунтазам мулоқот механизмини йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилди.
Афғонистондаги ўткир муаммоларни ҳал этишда амалдаги ҳукуматга ёрдам кўрсатиш, бу давлатни минтақавий иқтисодий жараёнларга кенг жалб этиш, ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини рўёбга чиқариш масалалари албатта кўриб чиқилиши лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Тарихий ҳужжат – Туркий дунё хартиясининг қабул қилиниши қардош давлатлар ва халқларимиз ўртасида кучайиб бораётган кўп қиррали ҳамкорликнинг ёрқин ифодаси экани алоҳида таъкидланди.
Саммит кун тартибидан келиб чиқиб, Ўзбекистон етакчиси бир қатор устувор масалаларга тўхталиб ўтди.
Аввало, давлатимиз раҳбари ташкилотнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади. Шу маънода, Туркий давлатларнинг стратегик шериклик, абадий дўстлик ва қардошлик тўғрисидаги шартномани қабул қилиш таклиф этилди.
Шунингдек, ташкилот доирасида янги иқтисодий имкониятлар маконини яратиш мақсадида тариф ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш, савдо-божхона тартиб-қоидаларини енгиллаштириш, электрон тижорат платформаларини ривожлантириш бўйича аниқ битим ва келишувларни ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилди.
Шу муносабат билан савдо соҳасидаги салоҳиятни кенгайтиришга қаратилган чуқур тадқиқотлар олиб бориш учун яқин истиқболда Тошкентда етакчи таҳлил марказларининг анжуманини ўтказиш таклиф қилинди.
Келгуси йил учун иқтисодий форум, савдо ва саноат кўргазмалари, минтақа ва вилоятларнинг ўзаро ташриф режаларини, давлат харидларида иштирок этиш, кооперация ва локализация қўшма дастурини қабул қилиш кераклиги таъкидланди.
Информация по комментариям в разработке