Ўғузлар ҳақида билганимиз қанча? Билмаганимизчи? | Tarixiy savol

Описание к видео Ўғузлар ҳақида билганимиз қанча? Билмаганимизчи? | Tarixiy savol

"Тарихий савол" кўрсатуви
"Ўзбекистон тарихи" телеканали
Ўрта Осиёнинг ўтроқ деҳқончилик ҳудудларини ўраб турувчи тоғли, чўл ва дашт ҳудудларда яшаган қавмлар орасида ўғуз (ғуз), қарлуқ, қипчоқ, тўққизғуз, кимок ва бошқа туркий уруғлар катта ўрин тутганлар.
Араб манбаларида эътироф этилишича, IX–X асрларда Мовароуннаҳр ва Хоразмнинг шимолий ва шимоли-ғарбий ҳудудларида асосан ўғуз қабилалари яшаганлар. Уларнинг тиллари туркий бўлиб, ўз иттифоқларига бир қатор уруғ ва қабила вакилларини бирлаштирганлар. Улар дастлаб Иссиқкўл бўйларида ва Сомонийлар Ўрта Осиёда ҳукмронлик қилган даврларда Хоразмнинг шимолий ва ғарбий чегараларида, шунингдек, Сирдарёнинг қуйи ҳавзасида яшаганлар. IX–X асрларда ўғузлар Орол денгизидан Каспийга қадар “Ўғуз чўли” деб аталган ҳудудларда яшаганлар .
Ўғузлар Ўрта Осиёга IX асрда кириб келганлар. Бу даврда улар Сирдарёнинг қуйи ва ўрта оқимларида, Устюртнинг шимолий Эмба ва Ёйиқ оралиғида яшаганлар. Кейинчалик ўғуз номи бир қатор ўғуз бўлмаган халқларга нисбатан тарқаган. Айрим бошқа қабилалар ўғузлар иттифоқига кирган бўлсалар-да, ўз тилларини ва ўзига хосликларини сақлаб қолганлар. М. Кошғарийнинг маълумотича, айрим ўғуз қабилалари, масалан, қойлар ўзларининг махсус лисоний белгиларини сақлаб қолганлар.
Ўғузлар кўчманчи туркий қабилалар конфедерациясини ташкил этганлар, уларнинг келиб чиқиши Олтой ва Жанубий Сибир билан боғлиқ . Ал-Марвазийнинг ёзишича, ғузлар мусулмон мамлакатлар билан алоқа ўрнатганларидан сўнг уларнинг айримлари исломни қабул қилганлар ва улар туркмонлар деб аталганлар. Кейинчалик улар ва ислом динини қабул қилмаганлар ўртасида уруш бошланган ва охир-оқибат мусулмонлар устунликка эриша бошлаганлар, динсизларни сиқиб чиқарганлар. Динсизлар Хоразмни тарк этиб, бажанаклар ерига бориб жойлашганлар. Туркмонлар эса жуда ислом мамлакатлари бўйлаб тарқаб кетганлар ва улар ўзларининг ижобий хусусиятларини намоён этиб, бу ҳудудларнинг жуда каттагина қисмида ҳукмдор ва султонларга айланганлар.
Ўғузларнинг катта қисми ҳозирги Туркманистон ҳудудида яшовчи халқларни забт этиб, уларга ўзларининг туркий тилларини қабул қилдирганлар ва улар бу этник қатламда етакчи сиёсий ўринни эгаллаб, ўз генеалогияларини юқори мавқега олиб чиққанлар. Аммо туркманларни ўғузлар билан айнанлаштириш ҳам нотўғридир. Ҳозирча бунга фанда бирор бир исбот топилмаган. Ўғузларни туркман халқи этногенези шаклланиш жараёнидаги массагетлар, дахлар, парфияликлар, марғиёналиклар, эфталийлар, олонлар ва ослар билан бир қатордаги муҳим бир элемент сифатида олиш мумкин. Шундай бўлса-да, уларнинг туркманларнинг этник шаклланишидаги ролини пасайтириб кўрсатиш ҳам мақсадга мувофиқ эмас. Ўғузлар 24 қабила номларининг 8 таси ҳозирги туркманлар қабилавий таркибида ва 10 таси туркманларнинг уруғ номларида сақланиб қолган. Бу ерда миллионлаб туркий оилаларни Яқин ва Ўрта Шарқ томон етаклаган Салжуқийлар даврининг аҳамиятига тўғри баҳо бериш керак. Яқин ва Ўрта Шарққа миграция қилган туркийлар ичида ўғуз-салжуқ элементлари доминант эди.
Ўғуз қабилалари ичида қиниқлар шубҳасиз катта ўрин эгаллаганлар. Ҳужжатларда шунингдек афшор (авшор), солур, бойундур, жабниларнинг ҳам катта таъсирли уруғлар эканлиги айтилади. Ўғузларнинг ҳаммаси ҳам кўчманчи бўлмаганлар. Уларнинг каттагина қисми Сирдарё қуйи ва ўрта оқимларидаги шаҳар ва қишлоқларда ўтроқ ҳаёт кечирганлар. Манбаларда ўғузлар бир қатор бошқа туркий уруғлар билан Янгикент, Жанд, Риботот, Ашнос, Корачуқ, Сиғноқ, Саброн, Ўзкенд, Ясси, Сутканд, Қарноқ каби шаҳарларда яшаганликлари айтилади.
Авфий ўзининг “Жомеъ ул-ҳикоят” асарида” ёзишича, ўғузларнинг бир қисмини ғуз, бир қисмини айғурлар дерлар. Уларнинг бир қисми Хоразм ерларида яшайдилар. Уларнинг ўлкаларида ислом байроғи ўрнатилгач, мусулмон бўлганлар. Улар исломни жорий этдилар. Кейин буларга кофир аскари ҳужум қилди. Уларни ўз ерларидан сиқиб чиқардилар, улар ислом шаҳарларига қараб юрдилар. Буларни ислом ўлкаларида турклар деб атадилар (туркон). Ислом ўлкаларида куч-қувват ва ҳокимиятга эришдилар. Чағри тегин ҳукмдор бўлганда исён кўтардилар. Аскарлари ҳукмдор бўлиб жаҳонни забт этдилар.
М. Қошғарий фақатгина ўғузларнинг майда уруғларини ҳам ёзган, чунки унинг замонида ўғузларнинг мавқеи анча кучли бўлган. Унинг ёзишича, ўғуз туркларнинг бир қабиласидир. Туркманлар уларга киради. Улар 22 уруғдирлар. Ҳар бир жамоанинг ҳайвон суратидаги алоғида тамғаси бор. Улар бир- бирларини шу тамғалар орқали танийдилар. Бу қабилалар қиниқлар, койиғлар, боёндурлар, иполар, солғурлар, афшорлар, бегтилилар, бекдузлар, боётлар, ёзғирлар, аймурлар, қорабулуқлар, олқабулуқлар, иғдорлар, юдигерлар, тутирқалар, улаюндулуғлар, тукарлар, бижанаклар, жуволдорлар, жабнилар, жаруқлуғлар.

Комментарии

Информация по комментариям в разработке