"Ўткан кунлар" 3-қисм. Аудио китоб | "O'tkan kunlar" 3-qism. Audio kitob

Описание к видео "Ўткан кунлар" 3-қисм. Аудио китоб | "O'tkan kunlar" 3-qism. Audio kitob

"Ўткан кунлар" аудио китоби
"Ўзбекистон" телеканали
Абдулла Қодирий ўз даврининг илғор бир зиёлиси сифатида Ватан ва миллат тақдири хусусида қайғурди. Замон талотўплари адиб қалбини изтиробга солди. “Ўткан кунлар” романи орқали халқнинг миллий онгини уйғотмоқчи, “тарихимизнинг энг кир, қора кунлари” — юртни мустамлака балосига йўлиқтирган кейинги ноаҳил “хон замонлари”дан сўз очиб, бу аянчли ҳақиқатдан халққа сабоқ бермоқчи бўлди.
Романнинг маъно-мундарижа доираси ниҳоятда кенг. Унда хилма-хил инсоний тақдирлар, ижтимоий-сиёсий, маънавий-ахлоқий, оилавий-ишқий муаммолар қаламга олинган. Бироқ улар орасида юртнинг тақдири, мустақиллиги масаласи алоҳида ажралиб туради. Асарнинг бош қаҳрамонлари Отабек ва Юсуфбек ҳожи шу юрт истиқлоли, фаровонлиги, осойишталиги йўлига ҳаётини, жонини тиккан фидойи кишилар саналади.
“Ўткан кунлар” романи бамисоли улкан ва тиниқ кўзгу, унда ўзбек миллатининг муайян тарихий шароит, вазиятдаги турмуши, урф-одатлари, руҳий-маънавий дунёси, бўй-басти, қиёфаси кенг кўламда аниқ-равшан тасвирланади. Романдаги учлик — ошиқ, маъшуқа ва ағёр, бир қарашда, анъанавий ишқ достонларини ҳам эслатади. Унда Отабек билан Кумушнинг тоза муҳаббати, ишқий кечинмалари, бахти ва бахтсизлиги жуда зўр маҳорат билан кўрсатилади. Асардаги жуда кам инсонлар қалбидан чуқур жой оладиган бир “дурри бебаҳо” — ишқ-муҳаббат туйғусига доир инжа тафсилотлар китобхонни ҳаяжонга солади. Отабек билан Кумушнинг саодатли онларидан маҳрум этган фожиавий саҳналар кишини чуқур ўйга толдиради. Муаллиф ошиқларнинг ишқий саргузаштлари баҳонасида муайян тарихий даврни — Туркистоннинг рус босқини арафасидаги аҳволи, қора кунларини кўз олдимизда гавдалантиради. Айни дамда ўлканинг тутқунликка тушишининг бош сабаби жаҳолат, қолоқлик ва ўзаро ички низолардир, деган фикрни ғоят усталик билан асарнинг мазмун-моҳиятига сингдиради.
Адибнинг бадиий сўзида бетакрор жозиба мужассам бўлгани боис “Ўткан кунлар”ни неча бор ўқиса ҳам, одам тўймайди, қайта мутолаага эҳтиёж сезаверади. Роман ўқувчини зериктирмайди. Қайта ўқиш жараёнида асарнинг янгидан-янги қирралари очилади. Бир ўқилганда эътиборсиз ўтилган эпизодларга бошқа сафар диққат қаратилади. Бу ҳол, табиийки, адибнинг образ яратиш маҳоратига, инсон қалбини чуқур англашига дахлдордир. Зеро, кўркам адабиётдек санъат дунёсида бадиий сўз — поэтик нутқ муҳим саналади: сўз воситасида манзара, руҳият ва образ чизилади.
Абдулла Қодирий сўзида ўқувчини ўзига боғлаб турадиган, инсонни ўзига оҳанрабодек тортадиган қувват бор. Буни ўқувчи сезмаслиги мумкин эмас. Айнан сўзнинг таъсири боис Кумуш ўлган саҳнада ҳўнг-ҳўнг йиғлайди китобхон. Айтмоқчи, бу эпизоднинг ўзи йиғлаб ёзилган. Демак, адибнинг титраган, ичиккан, ўксиган юраги шу саҳифаларга кўчган. Бадиий ижоддаги бир қонуният шуки, мужмал тасаввурлар мужмал ифодаланади, йиғлаб ёзилган саҳифалар йиғлаб ўқилади. Чинакам адибнинг эстетик дунёси, ижодкор қалби ана шундай саҳифаларга муҳрланади.
Абдулла Қодирий романларини ўзбек адабий тилининг замонавий кўринишда шаклланаётган бир даврда ёзди. Адабий тилнинг рутбаси, мақоми юксалишида адибнинг хизмати катта бўлди. Тил миллатни бирлаштирувчилик қудратига эга қадриятдир. Қодирийшунос олимлар фикрига эътибор берилса, Абдулла Қодирий тошкентлик бўла туриб ўз романларида маҳаллий шева унсурларини умуман қўлламайди. Ҳатто қаҳрамонларининг нутқини индивидуаллаштиришда ҳам бошқа бадиий воситалардан фойдаланади. Демак, адиб шу зайлда бор маҳорати билан ўзбек адабий тилининг бойлигини, ўзбек тилининг кенг имкониятларини намойиш ҳам қилади.
“Тана бузоқнинг турқи туқғаниға тамға” ёки “...олдидаги овни кўрмай, узоқдаги ёвни кўради”, “Хоннинг қўйини боқиш учун, қовоқларни белга тақиш учун...”, “Энди кўрсам, милтиқнинг ўқидек, пушти гулнинг тўқидек келиним бор экан” каби юзлаб халқона иборалардаги саж, ритм ва латифлик адиб асарлари тилига, қаҳрамонлари нутқига жозиба бахш этади.
Абдулла Қодирий бежиз: “Ўзбек тили камбағал эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар”, деган фикрни айтган эмас. Айнан ўзбек тилининг нақадар бой имкониятларга эгалигини асарлари билан исботлади. Қолаверса, маърифатли бир зиёли сифатида ўзбекнинг сўзи учун, адабий тилнинг истиқболи учун қайғурди. Абдулла Қодирий ижодидаги бундай чин ҳақиқатни ҳар ким ҳар доим ёдда тутмоғимиз лозим.
“Ўткан кунлар” хаёлий ва ҳаётий омиллар уйғунлигида майдонга келган улкан бир маънавият қасрики, унинг ичкарисига кирган одам инсоният абадиятига дахлдор тушунчаларнинг бадиий талқинига, энг нафис ҳис-туйғуларнинг бетакрор тасвирига, ўзаро чамбарчас боғланган ижтимоий ва индивидуал ҳолатлар занжирига дуч келади, ақли ҳайрон қолади.
Ойбек Абдулла Қодирий ижодига бағишланган тадқиқотида адиб шахсияти ва ижодига баҳо бериб, ёзади: “Абдулла Қодирий истеъдодли, қалби бутун ва ўзига хос равишдаги шахс эди... Абдулла Қодирийнинг прозаси биринчи навбатда ғоятда ҳаётийлиги билан ажралиб туради”. Рост гап, исботи — умрбоқий “Ўткан кунлар”.

Комментарии

Информация по комментариям в разработке