Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий уй музейига саёҳат | Mo'jizalar makoni

Описание к видео Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий уй музейига саёҳат | Mo'jizalar makoni

"Мўжизалар макони" кўрсатуви
"Ўзбекистон" телеканали
Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий (1889.6.3, Қўқон — 1929.18.8, Фарғона вилояти Шоҳимардон қишлоғи) — шоир, ёзувчи, педагог, театр арбоби. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1926). Солкашон маҳалласидаги эски мактаб ва мадрасада (1896—1906), кейин қисқа муддат Наманган мадрасасида (1908) таҳсил кўрган. 1909 йилда Когонда матбаада ишлаган. Сўнгра Тошкентга келиб, усули жадид мактабларининг ўқув дастури билан танишган ва шундай мактабларни дастлаб Қашқардарвоза маҳалласида (1910), кейин Қўқон шаҳрининг Ҳожибек гузарида (1911) ва Марғилонда (1914) очган. Ҳамза кейинги ҳаёти ва фаолияти давомида қисқа муддат Қўқондаги рус-тузем мактабида ўқитувчи, «Шўрои ислом» ташкилотининг озуқа шўъбасида мирза, «Кенгаш» ва «Ҳуррият» журналларида муҳаррир (1917), Фарғона вилояти маданий-маориф бўлимида ходим (1918), Туркистон фронти сиёсий бошқармаси ихтиёридаги Ўлка мусулмон сиёсий труппасида режиссёр (1919), «Дор уш-шафақа» мактабида мудир (1920), Бухоро вилояти маориф ва ҳарбий тарғибот-ташвиқот шўъбаси қошидаги театр труппасида раҳбар (1921), Хоразм вилоятидаги касаба союзларининг маданий-маърифий муассасаларида мудир (1921—24), Фарғона маориф қўмитаси қарамоғидаги онг-билим шўъбасида мудир ўринбосари (1924) сингари турли лавозимларда хизмат қилган. 1926 йилдан эркин ижод билан шуғулланган. Аммо раҳбар идораларнинг топшириғи билан 1928 йил августдан Шоҳимардонда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борган ва сўнгги сафари чоғида ҳалок бўлган.Ҳамзанинг адабий ижоди 1905—06 йилларда бошланган. Ҳамза 1908 йил қўшни ўлкаларда нашр этилган илғор газеталар ва улардаги тараққийпарварлик ғоялари билан танишган. Маърифатли кишилар таъсирида «миллий шеърлар» ёза бошлаган. Ҳамза шу йили «эски подшолар турмушидан» олинган «Ҳақиқат кимда?» деган «роман» ҳам ёзган (бу асар ўша вақтдаёқ йўқолган). Ҳамза 1905 йилдан мумтоз шоирларга эргашган ҳолда ғазаллар ёза бошлаган. 1914 йилда тартиб берилган қўлёзма девонига шоирнинг 1905—14 йилларда «Ниҳоний» тахаллуси билан ёзган 214 та шеъри киритилган.1908—10 йилларда Ҳамза адабий ва ижтимоий фаолиятини жадидчилик ҳаракати билан узвий боғлаган. Ҳамза янги усулдаги мактаблар очиш ва бу мактаблар учун янги типдаги ўқув қўлланмалари яратиш йўли билан халқни маърифатлаштириш мақсадида Қўқон ва Марғилонда очган мактаб ўқувчилари учун «Енгил адабиёт», «Ўқиш китоби» (1914) ва «Қироат китоби» (1915) ўқув қўлланмаларини тайёрлаган.Ҳамза катта ёшдаги кишилар учун «Миллий ашулалар учун миллий шеърлар мажмуаси» умумий номи остида «гул» тўпламларини эълон қилган (1915—19). Ҳамза мазкур мажмуалари (8 бўлимдан иборат) билан ўзбек шеъриятига янги мазмун ва янги ғоялар олиб кирган ва, айниқса, жадид адабиёти тараққиётига катта ҳисса қўшган.Ҳамза ижодининг мазкур 2-даврида наср ва драматургия соҳасида ҳам жиддий изланишлар олиб борган. Унинг «Янги саодат» (1914, нашри — 1915) асари айрим олимлар томонидан ўзбек адабиётидаги роман жанрининг илк намунаси сифатида талқин қилиниб келинган. Лекин бу асар аслида маърифатпарварлик ғоялари билан суғорилган қисса бўлиб, унда камбағал йигит (Олимжон)нинг илм туфайли оилавий бахт-саодатга эришганлиги маҳорат билан тасвир этилган.Ҳамза 1914-16 йилларда «Ўч» (1914), «Заҳарли ҳаёт ёхуд Ишқ қурбонлари» (1915), «Илм ҳидояти», «Мулла Нормуҳаммад домланинг куфр хатоси», «Очлик қурбонлари» (1916), «Мухторият ёки автономия» (1917) сингари кичик саҳна асарларини ёзган.Ҳамза совет мафкураси ҳукмронлик қилган даврда «ўзбек совет адабиёти»нинг, театрининг асосчиси сифатида кўкка кўтарилган. Ҳамза номи билан боғланиб келинган Ўлка сайёр драма труппаси аслида Скобил (Фарғона) сайёр труппаси деб аталиб, унга Ғафур Мусахонов раҳбар бўлган. Ҳамза шу труппада драматург, режиссёр ва суфлёр бўлиб хизмат қилган. Шу вақтда у «Ким тўғри?», «Туҳматчилар жазоси», «Бой ила хизматчи», «Ишчилар ҳаётидан» (1918), «Лошмон фожиаси» (1916—18, 3 бўлимли), «Фарғона фожиаси» (1918—20, 4 бўлимли), «Қизил қон ичида ёш гўдаклар», «Маҳбус тўранинг ҳоли» (1919) сингари пьесаларни ёзган (бу асарларнинг аксари бизгача етиб келмаган).

Комментарии

Информация по комментариям в разработке