Шавкат Мирзиёев XVII ёзги Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари билан учрашди

Описание к видео Шавкат Мирзиёев XVII ёзги Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13 сентябрь куни XVII ёзги Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари билан учрашди.

Тадбирда Миллий Паралимпия қўмитаси ва спорт федерациялари раҳбарлари, мураббийлар, спортчиларнинг ота-оналари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Маълумки, мазкур мусобақа 28 августдан 8 сентябргача Франция пойтахти Париж шаҳрида бўлиб ўтди. Унда 168 та давлатидан 4 минг 400 га яқин паралимпиячилар қатнашди. Ўзбекистондан 9 та спорт тури бўйича 65 нафар йигит-қиз иштирок этди.

Олимпиадада бўлганидек, Паралимпия ўйинларида ҳам мамлакатимиз учун ютуқлар, рекордлар кўп бўлди. Вакилларимиз 10 та олтин, 9 та кумуш, 7 та бронза – жами 26 та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида дунёда 13-ўринни, Осиё қитъасида 3-ўринни, туркий ва ислом мамлакатлари ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бўйича 1-ўринни эгаллади.

Президент спорт жамоатчилигини ушбу натижалар билан халқимиз номидан табриклаб, нутқ сўзлади.

– Паралимпия ўйинлари – бу чинакам ирода, жасорат ва матонат, эзгулик ва гуманизм намойиши. Сиз юксак марраларни эгаллаб, мусобақаларнинг ҳақиқий қаҳрамонларига айландингиз. Ўзбекистон ўз спорт тарихида кўп-кўп ютуқ ва зафарларни кўрган. Лекин Паралимпия ўйинларида бундай рекорд натижа илгари бўлмаган эди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилганидек, Японияда бўлиб ўтган аввалги паралимпиададан сўнг келгуси сафар кучли ўн бешта давлат қаторига кириш мақсад қилинган эди. Ўтган йиллар давомида бу йўлда катта тайёргарлик кўрилди. Ижтимоий давлат тамойилига мувофиқ, ногиронлиги бўлган спортчиларга барча шароитлар таъминлаб берилди. Ният ортиғи билан ижобат бўлиб, мамлакатимиз дунёда 13-ўринни эгаллади.

Жумладан, ядро улоқтириш баҳсларида олтин медаль олган Ҳусниддин Норбеков уч карра паралимпия чемпиони бўлди. Яна бир ядро улоқтирувчимиз Бобиржон Омонов ва дзюдочи Шерзод Намозов иккинчи бор бундай ғолибликка сазовор бўлди.

Диск улоқтириш бўйича моҳир спортчи Толиббой Йўлдошев бирйўла иккита маррани забт этиб, ҳам олтин, ҳам бронза медални қўлга киритди. Икки карра паралимпия чемпиони Ёрқинбек Одилов найза улоқтириш бўйича Осиё рекордини янгилади. Шунингдек, Асадбек Тоштемиров таэквондо, Қудратуллахон Маъруфхўжаев ва Элбек Султонов ядро улоқтириш баҳсларида ғалаба қозонди.

Комментарии

Информация по комментариям в разработке