Қадрли ватандошлар!
Маълумки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1992 йил 14 октябрдаги резолюциясига мувофиқ, ҳар йил 3 декабрь санаси бутун дунёда Халқаро ногиронлар куни сифатида нишонланиб келмоқда.
Бундан кўзланган асосий мақсад – ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларига кенг жамоатчилик эътиборини жалб этишдан иборат.
Эзгулик, меҳр-оқибат, инсонпарварлик тимсоли бўлган ушбу айёмда мамлакатимиздаги бир миллионга яқин имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган фуқароларимизга ҳурмат-эҳтиром ва эзгу тилакларимни билдираман.
Меҳр-мурувватли ва бағрикенг халқимиз азал-азалдан ёрдамга муҳтож, имконияти чекланган инсонларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишни жамиятда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган энг муҳим қадриятлардан бири сифатида эъзозлаб келади.
Ана шундай эзгу анъаналаримизни бугунги замон талаблари асосида ривожлантириш мақсадида сўнгги йилларда мамлакатимизда имконияти чекланган фуқароларимизни қўллаб-қувватлаш, улар учун зарур барча шароитларни яратиш борасидаги давлат сиёсати янги босқичга кўтарилмоқда.
Бунинг тасдиғини “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилингани, мамлакатимиз Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияга қўшилгани, соҳада мустаҳкам қонуний база яратилгани мисолида кўриш мумкин.
Шу асосда имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятдаги мавжуд имкониятлардан фойдаланиш, ҳаракатланиш, соғлиқни сақлаш, таълим, бандлик, реабилитация, сиёсий-ижтимоий ҳаётда иштирок этиш билан боғлиқ ҳуқуқлари таъминланмоқда.
Бу борада “Инсон қадри учун” тамойили асосида Янги Ўзбекистонда инклюзив ривожланиш, яъни аҳолининг барча қатламлари учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани муҳим роль ўйнамоқда.
Биз ушбу йўналишда ногиронлиги бўлган инсонлар – жамиятнинг тўлақонли аъзолари, деган тамойилга амал қилган ҳолда изчил иш олиб бормоқдамиз.
Чиндан ҳам, биз барпо этаётган янги, эркин ва демократик давлатда жамиятнинг ҳар бир аъзоси билим олиш, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаш, ўз истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш, меҳнат билан банд бўлиш учун зарур имкониятларга эга бўлиши шарт.
Биз учун ногиронлиги бўлган инсонларни ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳаларига жалб этиш устувор йўналиш ҳисобланади. Яқинда бўлиб ўтган Президент сайловида шу масалаларга алоҳида эътибор қаратилиб, ногиронлиги бўлган шахслар сайлов участкаларига келиб-кетишлари учун зарур шароит яратилгани, Брайл алифбосида сайлов бюллетенлари тайёрлангани, сайлов участкалари пандуслар билан жиҳозлангани уларнинг сиёсий-ижтимоий жараёнларда фаол иштирок этишларини таъминлаш йўлида муҳим қадам бўлганини халқаро ва хорижий кузатувчилар ҳам эътироф этдилар.
Имконияти чекланган фуқаролар учун яратилаётган шароитлар ҳақида гапирганда, сўнгги икки йилда пенсия ва нафақа олувчи ногиронлиги бўлган шахслар сони 100 минг нафарга кўпайиб, уларнинг миқдори қарийб 2 баробарга оширилганини таъкидлаш лозим. Шунингдек, барча ҳудудларда “Саховат ва кўмак” умуммиллий ҳаракати доирасида ҳамда “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари”га киритилган имконияти чекланган юртдошларимизга манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизими йўлга қўйилди.
Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳаётга мослаштириш ва ижтимоий реабилитация қилиш борасида ҳам катта ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, кейинги йилларда 27 та тиббий-ижтимоий муассасалар реконструкция қилиниб, замонавий талабларга мос бўлган 1,5 мингта даволаш-реабилитация ўринлари фойдаланишга топширилди.
Ана шундай фуқароларимизга бепул бериладиган протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларининг рўйхати 22 турдан 27 тагача кўпайтирилди. Хусусан, жорий йилнинг ўзида ногиронлиги бўлган болаларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш мақсадида улар бюджет маблағлари ҳисобидан қарийб 40 миллиард сўмлик протез-ортопедия ва реабилитация мосламалари, кохлеар имплантлар ҳамда бошқа махсус буюмлар билан таъминланди.
Бундан ташқари, халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш дастурини амалга ошириш ишлари бошланди, 300 дан ортиқ мактабларда имконияти чекланган болаларнинг билим олиши учун зарур шароитлар яратилди.
Ҳақиқий матонат эгаси бўлган ногирон йигит-қизларимизнинг жаҳон майдонларида юқори натижаларни қўлга киритиб, Ватанимиз байроғини баланд кўтариб келаётганлари барчамизга чексиз ғурур-ифтихор бағишлайди. Жумладан, шу йил Токиода ўтказилган Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон вакиллари 8 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза медалларини қўлга киритгани ҳар қандай таҳсин ва тасанноларга муносибдир.
Чуқур ҳурмат-эҳтиром билан,
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Информация по комментариям в разработке