"Ватан боғинда фарёд эт": Илм ва маърифат куйчиси Абдулла Авлоний

Описание к видео "Ватан боғинда фарёд эт": Илм ва маърифат куйчиси Абдулла Авлоний

"Ватан боғинда фарёд эт..." кўрсатуви
"Ўзбекистон тарихи" телеканали
XIX аср охири XX аср бошидаги ўзбек миллий маданиятининг машҳур вакилларидан бири маърифатпарвар шоир, драматург, журналист, олим, давлат ва жамоат арбоби Абдулла Авлонийдир. У 1878 йилнинг 12 июлида Тошкентнинг Мерганча маҳалласида, тўқувчи Миравлон ака оиласида дунёга келди. Болалиги Миробод маҳалласининг эгри-бугри кўчаларида, кўпчилик қисмини руслар ташкил қилган темир йўл ишчилари болалари орасида кечди. Ўқчидаги эски мактабда, сўнг мадрасада ўқиди (1885—1886). Мустақил мутолаа билан шуғулланди. Араб, форс, рус тилларини ўрганди. Оренбург, Қозон, Тифлисда чиқиб турган газета-журналларни кузатиб борди. Қисқа муддат ичида у маърифатпарвар сифатида танилди ва ўлкадаги ижтимоий-маданий ҳаракатчиликнинг фаол намояндаларидан бирига айланди.
XX аср бошларида Туркистон маданий ҳаётида юз берган энг муҳим ўзгаришлардан бири мактаб-ўқув ишларида ўзгариш бўлди. Авлоний бу даврда жадидчилик ҳаракатига қўшилиб, Тошкентдаги жадидларнинг фаол иштирокчиларидан бири бўлиб танилди. Авлоний 1904 йилда Мирободда, сўнгроқ Дегрезликда (1903—14) худди шундай янги усулда, янгича мактаб очиб, дарс берди ва дарсликлар ёзди.
1909 йилда мактаб-маориф ишларига ёрдам берувчи «Жамияти хайрия» очиб, етим болаларни ўқитди. «Адабиёт ёхуд миллий шеърлар» номли тўрт қисмдан иборат шеърий тўпламининг биринчи жузъини нашр қилдирди. Мунавварқори, Муҳаммаджон Подшохўжаев, Тавалло, Рустамбек Юсуфбеков, Низомиддин Хўжаев, Шокиржон Раҳимий каби тараққийчилар билан шерикликда «Нашриёт» (1914), «Мактаб» (1916) ширкатларини тузди. «Тараққий», «Шуҳрат» (1907), «Осиё» (1908), «Турон» (1917) газеталарини чиқарди. 1918 йилда Туркистон Шўролар ҳукуматининг биринчи газетаси «Иштирокиюн»нинг ташкилотчиларидан ва унинг биринчи муҳаррирларидан бўлди. У совет даврида турли масъулиятли лавозимларда хизмат қилди, қайси вазифада ишламасин илм-маърифат тарқатиш, таълим-тарбия масалалари билан шуғулланиб келди, билим юртларида, олий мактабларда ўқитувчилик қилди. 1930—34 йилларда Ўрта Осиё давлат университетида (ҳозирги ТошДУ) кафедрани бошқарди. У 1934 йилда вафот этди.
Авлоний 1927 йилда Меҳнат Қаҳрамони унвонига сазовор бўлди.
Авлоний 30 йилдан ортиқроқ ижод қилди. 1916 йилги мардикорлик воқеаларининг, сўнг инқилобий талотумлару миллий-озодлик курашларининг гувоҳи бўлди. Ўтган давр ичида, ўзи таъкидлаганидек, «ўнлаб шеър ва мактаб китоблари, тўрт театр китоби» қолдирди. Унинг маданиятимиз тарихидаги ўрни ҳақида гап кетганда, икки жиҳатини алоҳида таъкидлаш зарур: педагогик фаолияти ва адабий-бадиий ижоди. Унинг педагогик фаолияти, таълим-тарбия ҳақидаги фикрлари XX асрнинг бошларида янги босқичга кўтарилган маърифатчиликнинг хусусиятларини белгилашда муҳим манбалардандир.
Авлоний мактаби гуманистик ва эркин тарбия асосига қурилган, дунёвий ва илғор илм-фанни болаларга ўргатишни ўз олдига асосий вазифа қилиб қўйган, ёшларни мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига аралаша олиш қобилиятига эга бўлишини таъминлайдиган ҳақиқий халқ мактаби бўлди. Адиб бу мактаблар учун дарсликлар тузди. Унинг аввалги синф шогирдлари учун «Биринчи муаллим»и (1911) Октябр ўзгаришигача 4 марта, «Алифбедан сўнгги ўқув китоби» — «Иккинчи муаллим» (1912) 3 марта кайта нашр этилган. Ахлоқий-дидактик мазмундаги «Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ» дарслиги (1913) XX аср бошлари ижтимоий-педагогик фикр тараққиётида алоҳида ўрин эгаллади. Унда тарбия ва ахлоқ масалалари биринчи маротаба XX асрнинг талаб ва эҳтиёжлари нуқтаи назаридан таҳлил қилинган. Авлоний хулқларни анъанавий яхши ва ёмонга ажратар экан, мулоҳазаларини Гиппократ, Платон, Аристотель, Саъдий Шерозий, Бедил фикрлари билан далиллаган ҳолда замонавийликни асосий мезон қилиб олади. Адиб Ватан муҳаббатини унинг учун курашмоқни энг яхши инсоний хулқлардан ҳисоблади. Ватан — бу ҳар бир кишининг туғилиб ўсган шаҳар ва мамлакати. Уни қадрламоқ, севмоқ, яшартмоқ керак. Шоир Ватан ва унга муҳаббат деганда шуни тушунган эди. Тилга, маданиятга муҳаббат эса, ҳар бир кишининг ўз халқига бўлган муҳаббатидир: «Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадургон ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидир. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур».
Авлоний Ҳижрон, Набил, Индамас, Шуҳрат, Тангриқули, Сурайё, Шапалоқ, Чол, Аб, Чегабой, Абдулҳақ тахаллуслари билан шеър, ҳикоялар ва мақолалар ёзган. Шуни айтиш керакки, Авлоний анча мураккаб ҳаёт ва ижод йўлини босиб ўтди. У адабиётга ғоявий курашлар ғоят кескинлашган бир даврда кириб келди. Ҳеч иккиланмасдан маърифат ва тараққиёт учун курашишини маслак этиб қабул қилди. Шоир шеърияти билан танишар экансиз, қизиқ бир ҳолга дуч келасиз. Унда бирорта ишқий шеър йўқ. У ижтимоий муаммоларни, эл-юрт ғамини муҳимроқ билади. Халқ ва Ватан бахтсизлиги оддида ҳар қандай муҳаббатни рад этади. Ўз она-диёрини бамисоли «ёр каби севади».

Комментарии

Информация по комментариям в разработке